ЭРКАК КИШИ ЎТИРИБ БАВЛ ҚИЛИШИ КЕРАКМИ ЁКИ ТУРИБ?

    ЭРКАК КИШИ ЎТИРИБ  БАВЛ ҚИЛИШИ КЕРАКМИ ЁКИ ТУРИБ?

 

       Простата бези аденомасининг олдини олишда ўтириб сийишнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, у ҳақида алоҳида маълумот беришни лозим топдик.

       Эркак киши ўтириб сийиши керакми ёки туриб? Бу савол дунёдаги жуда кўп кишиларни қизиқтиради. Ушбу саволга жавоб топиш учун АҚШнинг Бригам Янг Университети профессор ва талабалари кўп изланишган. Улар кичик ҳожатга борганда қандай ҳолатда сийса, пешоб камроқ сачрашини ўрганмоқчи эдилар.

       Бунинг учун улар 20 литр сиғимга эга идиш ясаб, унга шланг уладилар. Ундан сариқ рангга бўялган суюқлик эркак сийгандагидек тезлик ва босим билан унитазга тушар эди. Катта тезликда суратга олиш қудратига эга камералар ёрдамида ушбу жараён суратга олиниб, сўнг суюқликнинг атрофга сачраши ўрганилди.

       Текшириш натижалари шуни кўрсатдики, сиювчи киши унитаздан қанча узоқроқ ёки баландроқда турса, унинг сачраши шунчалик кўп бўлар экан.  Пешоб олатдан  15-18 сантиметрга узоқлашгач, заррачаларга парчалана бошлар экан. Ҳосил бўлаётган кўзга кўринмас зарралар ҳар томонга сачраб, тиззанинг тепа қисмидан бошлаб то пастигача кийим(шим, пальто, чопон, оёқ кийими ва пайпоқ)ларни ифлослантирар экан. Демак, унитазга ўтириб сийадиган кишига нисбатан тик туриб сиювчи эркак тахминан беш баравар узоқроқда турар ва бунинг оқибатида жуда кўп сийдик заррачаларининг сачрашига сабаб бўлар экан.  Ушбу зарралар эркакнинг кийимларидан ташқари ҳожатхона ичидаги бошқа нарсаларни, пол ва деворларни ҳам айланасига 0,5-1м масофада булғар ва нохуш пешоб ҳиди келишига сабаб бўлар экан. Қолаверса, бундай нохуш ҳидли жойларни тозалашга мажбур бўлган аёлларда эрларига нисбатан нафрат ва жинсий алоқага нисбатан совуқлик пайдо бўлар экан.

       Ушбу текширув натижаларига асосланиб, Америкалик олимлар кийимларини ифлослантирмасдан покиза юришни истовчи ҳар бир эркак фақатгина ўтириб сийиши кераклигини эълон қилдилар. Ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, тик туриб сиювчи киши кийимларини барибир покиза сақлай олмас, буни амалда уддалашнинг иложи йўқ экан.

       Мусулмонлар эса бу ишга 14 асрдан бери амал қилиб, бу нарса ҳатто “ҳожат одоблари”га ҳам киритилган.

       Энди масалага тиббий томондан ёндашадиган бўлсак, сўнгги йиллар (2014-2015йй)даги Голландиялик олимларнинг илмий текширув хулосалари шуни кўрсатдики, ўтириб сийиш, авваламбор, эркакларнинг ўзи учун фойдали экан. Қуйида уларнинг ва бошқа кўпгина дунё олимларнинг ушбу масала бўйича хулоса ва тавсияларини келтирамиз. 

 

                                ЎТИРИБ СИЙИШНИНГ ФОЙДАЛАРИ

 

·        Инсон танасининг тузилиш анатомиясига кўра  ўтириб сийиш тик туриб  пешоб қилишдан қулай ва афзал экан.

·        Ўтириб сийганда белдан пастки қисмдаги кўп гуруҳ мушаклар (оёқлар ва кичик тос) бўшашади, сийдик қовуғи эса қисилади ва бу нарса сийдикни осонроқ ва тўла чиқишига ёрдам беради.

·        Ўтириб сийганда сийдик қовуғи сон ва қорин мушаклари томонидан табиий ҳолда қисилиб, пешоб чиқишининг осонлашишига сабаб бўлади. Бу простата безининг аденомасида айниқса катта аҳамиятга эга бўлиб, қовуқнинг ишдан чиқишини 10-12йилга орқага сурар экан. Яъни, бир умр тик туриб сийган киши ўртача 60-65ёшларда аденоманинг оғир асоратларига етиб келадиган бўлса, доимо ўтириб сийган эркак худди шу оқибатларга 72-77ёшларга етганда дучор бўлар экан.

·        Тажрибалар натижасида шу нарса аниқландики, ўтириб сиядиган кишилар тик туриб пешоб қиладиганларга нисбатан ҳожатга камроқ чиқар эканлар (қовуқда қолдиқ пешоб миқдорининг камлиги ҳисобидан).

·        Простата бези аденомасининг оғир асоратлари ўтириб сиядиган эркакларга нисбатан тик туриб пешоб қилувчиларда 35-40% кўпроқ учрар экан.

·        Ўтириб пешоб қилувчи эркакларда жинсий алоқа давомийлиги ва унинг сифати тик туриб сиювчи эркакларга нисбатан анча юқори экан.

·        Тик туриб сиювчи эркакларга нисбатан ўтириб сиювчи эркаклар жинсий алоқа билан 8-10 йил узоқроқ шуғулланишга қодир бўлар эканлар. Масалан, тик туриб сиювчи эркаклар ўртача 55-60 ёшгача жимоъга қодир бўлсалар, ўтириб пешоб қилувчи эркаклар 65-70 ёшгача жинсий алоқа қилиш қобилиятига эга бўлар эканлар.

·        Тиббий текширишлар шуни кўрсатадики, простата безининг раки ўтириб сиядиган эркакларда тик туриб пешоб қилувчиларга нисбатан кам учрар экан.

·        Умуман олганда простата бези билан алоқадор касалликлар ўтириб сиядиган эркакларда кам учрар экан.

·        Ўтириб сиядиган эркакларда тик туриб сиядиганларга нисбатан сийдик қопи тоши ва цистит касаллиги анча кам учрар экан.

·        Тунда тик туриб сийиш артериал қон босими тизимида камчилиги бор беморлар учун хавфли бўлиб, тиббий статистикада уларнинг ҳожатхонада ҳушдан кетиб қолганлари ҳақида кўп маълумотлар бор. Шу боис, бундай беморларга шифокорлар ўтириб сийишни тавсия қиладилар.

·        Ўтириб сиядиган эркакнинг асаблари тинч бўлади, чунки:

-ўтирганда таянч-ҳаракат тизими аъзоларининг кўп қисми дам олади;

-сийдик оқими билан “мўлжалга туша олмаслик”дан хавотриланмайди;

-сийдикнинг  томчи ва кўзга кўринмас заррачалари кийимларини, унитаз ва унинг атрофларини, девор ва полни ифлослантиришидан хавотриланмайди;

-ифлослантириш сабабидан оилавий низолар келиб чиқишидан қўрқмайди.

·        Доимо ўтириб сиядиган эркакларнинг ҳожатхонасидан нохуш пешоб ҳиди келиб турмайди.

·        Тунда тик туриб сийиш хавфли бўлиб, уйқусираб турган кишининг йиқилиб жароҳат олишига сабаб бўлиши мумкин.

·        Тунда уйқусираб турган эркак тик туриб сиядиган бўлса, кўпинча “мўлжалдан адашиб” ҳожатхонани ва ўз кийимларини ифлослантириб қўйиши ва бу нарса, айниқса, у ерни тозаловчи аёлларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

       Олимлар простатит ва простата бези аденомасидан даволанаётган беморлар, яхшироқ натижаларга тезроқ эришиш учун, тик туриб пешоб қилишдан воз кечишлари ва фақатгина ўтириб сийишлари зарурлигини таъкидлаганлар.

 

          Илҳом Қаҳҳоровнинг “Эркаклар учун тиббий қўлланма”

                                                                                  китобидан парча.