ЗУЛМ ҚИЁМАТДА ЗУЛМАТДИР

ЗУЛМ ҚИЁМАТДА ЗУЛМАТДИР

Инсондаги гўзал одоб - ахлоқлардан иборат хислатлар “ҳусни хулқ” дейилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хислатлар тимсоли эдилар. унинг зидди ўлароқ ёмон хулқлар ҳам борки, Аллоҳ ва расули бандаларни бундай хулқлар билан сифатланишликдан қайтаргандир. Мана шундай мазамматланган хулқлардан бири бу зулмдир.

Ҳадиси қудсийда айтилишича, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, бандаларим, мен ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирингизга зулм қилманглар”. (Муслим ривояти)

 Зулм – Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегарадан чиқиш, ҳақни ўз ўрнига қўймасликдир.  Аллоҳ таоло бандаларига ўзаро дўст, ҳамжиҳат бўлиб, бири иккинчисига кўмаклашиб, катта кичикка, кучли заифга, мансабдор оддий инсонга зулм қилмай, ўзаро меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечиришини амр қилди. Яратганнинг Ўзи бандаларига бир-бирининг жони, мулки, номусига тажовуз қилишини ҳаром қилди. Зулм уч кўринишда бўлади:

Биринчиси, банданинг ўз Роббисига қиладиган зулми. Бу зулм  Аллоҳ таолога кофир бўлиш, яъни Уни инкор қилиш, шунингдек,  Аллоҳ таолога шерик қўшиш, яъни ибодатларнинг баъзисини Аллоҳдан бошқасига қилиш билан содир этилади.. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: “... Кофирлар, ана ўшалар золимлардир”. (Бақара, 254) “Албатта ширк – энг катта зулмдир” (Луқмон, 13)

Иккинчиси, банданинг бошқа инсонларга, махлуқотларга қиладиган зулми. Бу зулм ноҳақ бошқаларнинг молларига, баданларига ва обрўларига зарар етказишлик билан бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтадилар: “Кимнинг устида биродарининг обрўсигами ёки бошқа нарсасигами қилган зулми бўлса, динор ҳам, дирҳам ҳам фойда бермайдиган кун келмасидан олдин орани очиқ қилиб олсин. Агар шундай қилмаса, унинг солиҳ амалларидан қилган зулми миқдорича олиб, мазлумга берилади. Акс ҳолда мазлумнинг гуноҳларидан олиниб, золимнинг бўнига юкланад”. (Бухорий ривояти)

Учинчиси, банданинг ўз нафсига қиладиган зулми. Бу зулм ўз нафсини гуноҳ ишлар, ҳаром нарсалар, Аллоҳга ва Расулига маъсият бўладиган ёмон амаллар билан кир қилиши ҳамда булғаши билан бўлади. Гуноҳи кабиралар ҳамда фаҳш ишларни қилувчи киши – ўз нафсига зулм қилувчидир. Зеро, бу қабиҳ амалларни нафсига рўбарў қилиб, унда хабс-ёмонлик ва зулматнинг изини қолдиради, натижада у лаънатланган ва  Аллоҳдан йироқлашган аҳллардан бўлиб қолади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар бизга жабр-зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилувчи бўлдилар” (Аъроф, 160). Инсон гуноҳ қилиш билан ўзига зулм қилади. Ҳар бир гуноҳи билан ўзини жаннатдан бир қадам узоқлаштиради.

Ҳозирги кунда динимиз таълимотларини билмаслик, кўрсатмаларига амал қилмаслик оқибатида халқимиз орасида бир-бирига зулм қилиш авжига чиқди. Одамлар ҳеч иккиланмай, гуноҳ бўлади деб ўйламай бировнинг ерини, мол-мулкини тортиб олиб қўймоқда. Бу ишлари гуноҳи кабира эканини ўйлаб ҳам қўймаяпти. Кенг қулоч ёйиб кетган бу оғир дардга беэтиборлик бора-бора кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради, ёмон оқибатларга олиб келади. Чунки золим фақат ўзини ўйлайди, бировга яхшилик қилишни хаёлига келтирмайди. Бунинг оқибатида эса жамият парчаланади. Зеро, тана касалликлари дори-дармон билан даволанади.  Қалб касалликлари эса илму маърифат билан муолажа қилинади. Бу ғоят мушкул ишдир. Шунинг учун инсонлар ўзларига назар солиб,  қалб касалликларини дарҳол тузатиб, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб, яхшиликлардан илиниб, ёмонликдан қайтариб, бир тану бир жон бўлишга шошилмоғи керак.

Мухтасар қилиб айтганда, золимнинг зулми Қиёмат куни солиҳлар Аллоҳнинг Аршининг соясида, ёруғ юз билан турган вақтларида, зулмат, қўрқинч ҳамда ваҳима бўлиб қайтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм (қилиш)дан қўрқинглар, албатта, у қиёмат куни зулмат бўлиб қайтур”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни зулмдан йироқ айлаб, солиҳ бандаларидан қилсин.

 

 

"Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди имом-хатиби   А. Иноятов.