Мозийдан нур...

Мозийдан нур...

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан улуғ аллома Абул Муъин Насафий зиёратгоҳини обод қилиш, илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларидаги бугунги кун учун долзарб бўлган ҳикматларни ёш авлодга етказиш борасида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Айниқса, Абул Муъин Насафийнинг ўз даврида пайдо бўлган ақидапараст оқимларга қарши турганлари, соғлом эътиқод борасида тинмай изланишлар олиб борганлари ва, мухтасар қилиб айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашганлари бугунги кун учун жуда ҳам катта аҳамиятга эга.

Калом илмининг машҳур алломаси, мутафаккир Абу Муъин Насафий 1027 йил Қарши (Насаф)да туғилган. Шу ерда ўқиб, илмини камолга етказган. Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд олимлари зикрида Қанд китоби”) асарида бу олим ҳақида шундай дейилган: “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муъин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”. Абул Муин Насафий Бухоро ва Самар­қандда яшаб, самарали ижод қилган. Унинг шогирдлари орасидан Алоуддин Самарқандий, Иброҳим Саффор Бухорий каби олимлар етишиб чиққан.

Абул Муъин Насафий асарларининг кўпи калом илмининг турли масалаларига бағишланган. “Ал-умда фи усулил фиқҳ”, “Баҳрул калом фи илмил калом”, “Табсиратул адилла фи илмил калом”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид фи илмил калом”, “Ал-олим вал мутаъллим”, “Изоҳул маҳажати ли кавни аҳли ҳужжатан”, “Шарҳул жомеъул кабир лиш-Шайбоний фи фуруъ” ва “Муътақидот” каби асарлари шулар жумласидандир.

Алломанинг калом илмига оид яна бир мўъжаз китоби “Китобут тамҳид ли қоваъидит тавҳид” асаридир. Жаҳон кутубхоналарида китобнинг кўплаб нусхалари сақланади. Яқинда Туркияда бу асар Истамбул кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалари асосида қайта нашр этилди.

Абул Муъин Насафий аббосийлар ҳукмронлиги заифлашиб, инқирозга юз тутаёган даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда улкан империя бир неча мустақил мамлакатларга бўлиниб кетди, сиёсий аҳвол анча кескинлашди. Бу ҳолат илм соҳасига салбий таъсир қилмади. Аксинча, юксак маданият маркази бўлган пойтахт Бағдодга беллашадиган Қуртуба, Қоҳира, Бухоро каби маданият ўчоқлари пайдо бўлди. Шундай илм-ирфон марказларида Абул Муъин Насафийдек буюк олимлар етишиб чиқди.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Абул Муъин Насафий милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул Муъин Насафийнинг илмий-маънавий мероси муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, Биринчи Президентимиз айтганларидек, “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да аждодларимиз ҳаёт йўллари ва асарларининг роли беқиёсдир. Айниқса, Абул Муъин Насафийнинг асарлари ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлили ва ҳанафия мазҳабидаги мотуридия таълимотига хос ечими билан юртимиздаги барқарор тинчлик, шу билан бирга четдан кириб келаётган турли “ғоя”ларга раддиялар беришда алоҳида ўрин эгаллайди.

 

"Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди 

имом-хатиби   Азизхўжа Иноятов