Бағрикенглик – мутеълик эмас

Бағрикенглик – мутеълик эмас.

 Қуръони карим нозил қилиниб, Ислом дини ер юзига тарқалгач, жоҳилият давридаги турли-туман бидъату хурофотлар барҳам топиб, ҳақ билан ботил ошкор бўлди. Ҳалолу ҳаром, фисқу фужур, нажот ва ҳалокат йўллари баён этилди. 
    Ўша дамлардан то ҳозирги кунимизга қадар ақида ва имон қалб билан боғлиқ жуда нозик масала бўлиб қолмоқда. Чунки, имонни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Аксинча, инсон баён қилинган нарсаларни англаб имон келтирсагина айни муддао бўлади. Яъни, Исломга кириш эътиқод билан қалбда қаноат ҳосил қилиш орқали амалга ошади. Бу борада мажбурлаш йўқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Динда зўрлаш йўқ. Зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди» (Бақара, 256). 

Бугунги глобаллашув шароитида дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар миллий давлатчиликни қуришда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шубҳасиз, дунёвий давлат ва дин ўртасидаги ўзаро муносабатлар миллий давлатчиликни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисмларидан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, жамият ва оддий фуқаролар ҳаётида, ҳар қандай давлат ичидаги ва халқаро майдондаги сиёсий жараёнларда, диний дунёқарашнинг ўзгаришини, уни сиёсийлашувини ўз ичига олган халқаро муносабатлар тизимида диннинг ўрни ва аҳамиятини тадбиқ этиш ҳозирги куннинг энг муҳим муаммоларидан бирига айланган.

Зеро, Биринчи Президентимиз И.Каримов эътироф этганларидек, «Бугун биз юртимизда халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституция ва қонунлар асосида демократик, дунёвий давлат барпо этмоқдамиз. Бу давлат авваламбор дунёвий тараққиётга, унинг энг илғор ютуқ ва натижаларига таянади. Айни пайтда шуни ҳам унутмаслик керакки, дунёвийлик - бу даҳрийлик дегани эмас.

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик  ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги

мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 18-моддасида:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оилафарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. Шунингдек, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шарт- шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуи, вилоят марказларидаги жомеъ масжидлар, Тошкентдаги Рус Апостол черкови, Корақалпоғистон Республикасидаги “Султан Вайс бобо” ва “Мухаммад Норимжоний” зиёратгоҳлари, “Пантейлемон” черкови ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Юртимизда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бердақ, Ажинияз ҳайкаллари қаторида Ганжавий, Руставели, Пушкин, Шевченколарнинг ҳайкаллари ҳам кўча ва майдонларимизга файз бахш этиб турибди. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўринишидир. Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва  мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.


“Жўйбори калон” аёл-қизлар ислом билим юрти

1-курс талабаси  Ашурова Наргиза.