Мулло Одил (1910–1992)

Мулло Одил

 

(1910–1992)

 

 

Одил Ғуломов 1910 йилда Ғиждувон туманидаги ҳозирги Сармижон ҚФЙга қарашли Азимработ қишлоғида туғилганлар.

Оталари Ғулом бобо тижоратчи бўлганлар. Оналарининг исми – Райҳон биби, укаларининг исми – Абдулғани.

Ғулом бобонинг уйларида қадимги қўлёзма китоблар кўп бўлган. Уларни хонадонларида ўтказиладиган суҳбат ва китобхонликларда ўқиб берганлар. Ўз даврининг ана шундай маърифатли хонадонида тарбия топган мулло Одил ниҳоятда мустаҳкам эътиқод соҳиби бўлиб етишадилар. Келган меҳмонларга – падари бузрукворларининг дўсту ёрлари ва ҳамкасбларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уларнинг хизматини қилиб, хурсанд этганлар. Меҳмонларнинг қўлларига сув қуйишдан тортиб, то кавушларини тўғрилаб қўйишгача бўлган юмушларни бажариб, уларнинг дуоларини олганлар. Ҳамма меҳмонлар жойлашгач, ўзлари меҳмонхонанинг пойгагига гиламча ташлаб, устига ўтириб олиб, уларнинг ҳузурбахш китобхонлигу ширин суҳбатларини эътибор билан тинглаганлар. Мулло Одил вояга етган хонадонда «Абу Муслим», «Рустамнома», «Жангнома» каби китоблар бардавом мутолаада бўлган, айниқса, мавлуд маъракалари доимо ўтказиб турилган, қуръонхонликлар ихлосу эътиқод билан амалга оширилган.

Мулло Одил илк сабоқни эски мактабда оладилар. Йигирма беш ёшларида туманнинг Тахтахон қишлоғида яшовчи қори Ахтамга шогирд тушиб, диний илм ҳамда Қуръон ўқишни ўрганадилар. Кейинчалик ўзлари кўплаб ҳамқишлоқларига бу борада устозлик қиладилар.

Худосиз шўролар даврида ҳам мулло Одил беш маҳал намозларини яширинча бўлса-да, адо қилганлар. Жомеъ масжидлар фаолият бошлагач, жума намозларини Бухоро шаҳридаги Хўжа Таббанд масжидида қолдирмасдан ўқиганлар. У киши тоат-ибодатда барча ҳамқишлоқларига намуна бўлганлар. Бола-чақаларини ҳалол луқма едириб, тарбиялашга алоҳида эътибор берганлар. Жувозкашлик, асаларичилик қилиб, рўзғор тебратганлар. Бу касблардан топган даромадларини ҳамқишлоқларига улашиб турганлар.

Мулло Одил меҳнатсеварликлари, инсонпарварликлари ва адолатпарварликлари учун колхозга бригадир қилиб тайинланадилар. Барвақт далага чиққан қўш ҳайдовчиларнинг саҳарлик нонуштасидан тортиб, кечки овқатигача ўзлари тайёрлаб берганлар. Бундай меҳрибонликларига эътироз билдирганларга: «Ахир, улар яхши еб-ичмаса, қандай меҳнат қилади?» – деб айтар эканлар. «Бир одамга бир жуфт калиш ва бир сидра кийим-бош бўлса етарли», – деб эҳтиёжларидан ортиғини муҳтожларга тарқатиб юборардилар.

Мулло Одил мол-дунё ва бойликка умуман ҳирс қўймаган сахий зот эдилар. Айниқса, урушнинг қаҳатчилик йилларида топган-тутганларини ҳамқишлоқлари билан баҳам кўрганлар. Шундан бўлса керак, ҳозирга қадар мулло Одилни билган, у киши билан ҳамсуҳбат бўлганлар мулло бобони пок, меҳрибон ва ғамхўр инсон сифатида эсга оладилар; мулло Одилнинг назарлари тушган кишиларда, муборак қадамлари етган хонадонларда ўзгача бир файзу тароват бўлганини эътироф этадилар.

Одил бобонинг нафаслари теккан беморлар тез шифо топган. Ҳимматлари баландлиги билан каттаю кичикнинг эътиборига тушганлар. Ёшликларидан жума ва ҳайит намозларини Жогари қишлоғидаги Тошмасжидда ўқиганлар. Ёшлари 60–70 га бориб, қариган чоғларида бу намозларни баъзан от-аравада, баъзан пиёда Бухорога бориб ўқиганлар. У зотни ҳеч қандай тўсиқ ибодатдан тўхтата олмаган.

1965–1967 йилларда Бухорода ўлат (вабо) касаллиги билан оғриган бемор аниқланиб, шаҳарга кириб-чиқиш қаттиқ назорат этилиб, теварак-атроф ҳарбийлар билан ўраб олинган. Шундай қийин вазиятда ҳам Одил бобонинг жума намозини шаҳардаги Хўжа Таббанд масжидига келиб ўқиганларидан кўплар ҳайратга тушган.

Жиянлари Бобожон домло Раҳмонов диний илмларни Одил бободан ўрганганлар. Бобожон домло Баҳоуддин Нақшбанд масжидида бир неча йил имомлик қилдилар. Шунингдек, Қойил ака, ҳожи Эргаш ака, Раҳмиддин ака, неваралари Учқун ва бошқа кўплаб ҳамқишлоқларининг намозхон бўлишлари ва диний билимларни эгаллашларида Одил бобонинг хизматлари беқиёсдир.

Неваралари Учқуннинг ҳикоя қилишича, Одил бобо ўз илмларини бойитиш мақсадида учта дўстлари билан Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи бир улуғ пирнинг ҳузурига борадилар. Йўлдошларидан бири нос чекар экан. У носқовоғини йўлда бир тут дарахти остига яшириб, пирнинг ҳузурига киради. Пир чўлда бир капада яшар экан. Улар пирнинг уйига кириб, вазифа оладилар. Пир Одил бобога аввало ўн йиллик қазо намозларини ўқишни буюради. Нос чекадиган ўртоқларига қараб, тут дарахти остига яшириб қўйган носқовоғини синдириб ташлашни тайинлайди. Қолган икки шерикларига ҳозирдан илм ўрганишга киришишларини айтади.

Одил бобо ўн йиллик қазо намозларини беш йилда ўқиб, яна пирнинг ҳузурига борадилар ва ундан илм ўрганадилар. У киши пирларининг исмини сир тутганлар.

Одил бобо Рамазондан олдинги икки ой: ражаб ва шаъбонда ҳам тўлиқ рўза тутиб, бир йилда уч ой рўзадор бўлардилар.

Колхозда ишлаганлар, канал қазиш ишларида иштирок этганлар.

У кишининг домло Абдулғафур Раззоқ Бухорий билан ҳам борди-келдилари бўлган.

Одил бобо форс тилини яхши билганлар, одамларга форсча китобларни ўқиб, ўзбек тилига ўгириб берар эканлар. 82 ёшларида ҳам кўзойнаксиз китоб ўқиганлар.

Одил бобо тўрт қиз ва тўрт ўғил кўрганлар. Ҳозир қизлари Санам, Ҳанифа, Ҳамида, Сайёра ва ўғиллари Иброҳимлар фарзанд ҳамда невара-чеваралари тарбияси билан машғул. Марҳум Исмоил, Абдумажид ва Мустафоларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Одил бобо 1992 йил 27 октябрда оламдан ўтганлар ва Сармижондаги Ҳазрати Имом қабристонига дафн қилинганлар.