САЛОМАТЛИК – БЕБАҲО НЕЪМАТ

 

 

САЛОМАТЛИК – БЕБАҲО НЕЪМАТ

Инсонлар наздида тўлақонли, саодатли ҳаёт кечириш учун тананинг соғлом бўлиши, бирорта аъзонинг хасталикка чалинмаслиги, киши ўзини соғлом, бардам ва хушкайфият ҳис этиши лозим. Акс ҳолда ҳаётнинг мазмуни йўқолади, турмушдан файз кетади, дунёнинг ҳеч қандай лаззат ва жозибаси татимайди. Касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлсада, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. 

Парвардигори олам бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса, Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Соғлиқ ва касаллик ҳақидаги асл моҳият ана шундай.

Муқаддас динимиз таълимотида одам учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Бемор дори-дармонларни истеъмол қилиш билан бирга Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда айтилган дуоларни ҳам ўқиши керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.) инсон ўз саломатлигини асраши учун кўплаб тавсиялар берганлар, жумладан меъёрида овқатланиш лозимлигини уқтирганлар. Чунки ортиқча овқатланиш инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан заифлашувига сабаб бўлади. Тўғри овқатланиш инсон саломатлигининг асосий омилларидандир. Шу сабабли Пайғамбаримиз (с.а.в.) биз мусулмонларга овқатланиш одобини ўргатиб, бундай деганлар: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тик тутишга етарли емак кифоя. Агар жуда лозим бўлса, қориннинг учдан бири таом учун, яна учдан бири ичимлик учун, қолган учдан бири нафас учундир”. 

Шунингдек, асал ва қора седана истеъмол қилишга одатланишга даъват этиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Седана ўлимдан бошқа барча хасталикларга шифодир”. 

Мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра, қора седана инсон қувватини оширишда, қўплаб касалликларга қарши курашда самарали ҳисобланиши, асал эса инсон танасига қувват бағишловчи, иштаҳани очувчи, асаб тизими ҳамда юрак-қон томирларини яхшиловчи хусусиятга эгалиги тасдиқланган. 

Юртимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган қулай ва кўркам шифохоналарнинг бунёд этилиши бунга яққол мисолдир. 

Алоҳида таъкидлаш лозимки, касал бўламизми ё соғми, инсон ҳамиша Аллоҳнинг розилигига интилиши лозим. Яратгандан сиҳат-саломатлик сўраб дуо қилайлик. Барча дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Роббим истеъмол қиладиган дори-дармонимизни сабаб қилиб, Ўзи шифо беради. Иншааллоҳ!

 

Азизхўжа Иноятов

“Чаҳор Бакр” жомеъ масжиди имом-хатиби.