Исломда аёлга эҳтиром

 Исломда аёлга эҳтиром

 Аёл ердан чиққан эмас-эркак боласи,

эркак кўкдан тушган эмас-аёл боласи. Ҳикмат

Тарих ҳеч бир даврда аёлга Ислом динидек катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас. Ислом дини аёл ҳақида сўз юритар экан, уни олий мақом ва юксак эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади. Ислом инсониятга жисмоний тузилиш, табиат, ҳис-туйғу, орзу-умид, саломатлик, эҳтиёж ва заруратлар борасида бир бутун мукаммал инсон сифатида қарайди. Ва аксинча, ирқий омил, рангдаги тафовут, келиб чиқиш ва жинсий фарқларга назар солмаган. Бу ҳолатдаги мазкур бирлик ҳар бир нарсада: эркинликда, адолатда ва дўстликда ҳам бўлишини тақозо этади.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Одамлар, сизларни бир жон (Одам)дан яратиб, ундан унинг жуфтини яратган ва улардан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқинг” (“Нисо” сураси, 1-оят). Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хуш муомалада бўлиш, уларга азият етказмаслик, илм олишига ва дину диёнатли бўлишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор анжомлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган. Қуръони каримда аёл ҳақида кўп оятлар нозил қилинган. Ҳатто сураларнинг бири Нисо (Аёллар) деб номланиб, унда ва ундан бошқа  Бақара, Нур, Мужодала, Мумтаҳана каби сураларда аёлларга тааллуқли илоҳий ҳукмлар ва масалалар батафсил баён қилинган. 

Динимиз Онага юксак ҳурматда бўлишга буюрди, Аллоҳнинг розилигини унинг розилигига айлантирди. Опа-сингил ва турмуш ўртоқларни ҳам эҳтиром қилиш диннинг энг гўзал тарбияси эканлигини ўргатди. Бундай муносабат ва эҳтиромни энг юқори кўриниши Аллоҳ таолонинг каломи шарифи ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида гўзал тартиб билан келтирилган. Жумладан, Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 19-оятида эркакларга мўмина аёллар билан муомала қилиш тарбиясини берди:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

Маъноси: “......Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.

Ушбу оят ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллар билан шариат кўрсатмасига мувофиқ муносабатдан четга чиқмасликни ва гўзал муомала Аллоҳ таолонинг ибодати қаторига кўтарилишлигини билдиради. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам барча аёлларига ҳаётлари давомида илиқ муносабатлари билан умматга намуна бўла олганлар. У зот бир ҳадиси муборакларида шундай дейдилар:

خيركم خيركم لأهله و أنا خيركم لأهلي

Маъноси: “Яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганидир. Мен аҳлим учун сизларнинг энг яхшиларингизман”. Ушбу кўрсатмадан маълумки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам оила аъзоларининг айрим ҳолларидаги инжиқликлари, ҳаётнинг паст-баландида аёллик табиатидан келиб чиқадиган ҳолларга кўз юмиб, фақат уларга гўзал муомалада бўлганлар.

Аёл киши Қуръон ва суннатнинг кўрсатмасига кўра ёшлигидан то умрининг охиригача эъзозланиши ва бутун ҳаётида нафақасини таъминланишига ҳақлидир. Қиз бола вояга етгунга қадар, ота-она қарамоғида бўлиб, турмушга чиққач умрининг охиригича унинг нафақаси эрининг зиммасида бўлиши ҳамма фиқҳ китобларда очиқ ойдин баён қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хар­хашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар.

Бир киши:

«Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.

«Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар.

Бир киши:

«Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.

«Битта бўлса ҳам», дедилар».

Яна бир ривоятда: «ёки уч синглиси бўлса-ю», деб келган.

Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарзни тўлиқ адо этиш билан ўзига жаннатни вожиб қилади. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади. Қараганда кўзни қувнатадиган, ҳаромдан тўсиқ бўладиган, эри йўқлигида унинг мол-мулкини риоя қиладиган солиҳа аёл эса жаннатнинг ярмидир.

Албатта, аёл киши даставвал “қиз бола”, кейин эса ким учун “опа” ёки “сингил”га айланади. Бора-бора, оилали бўлгач, “оёғи ости жаннат”, деб таърифланган “ОНА”га, фарзанди учун унинг розилиги Аллоҳнинг розилиги ва яна у жаннат сари олиб борадиган очиқ эшикка айланади.  Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига онага бўлган эҳтиромни таълимини берганлар.

قال رسول الله - صلى الله عليه وسلم - لأحد الصحابة :الزمها فإن الجنة تحت أقدامها

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига айтадилар: “Онангни лозим тут, Албатта жаннат унинг қадамлари остидадир”. (Насоий ва Аҳмад ривояти,ҳасан ҳадис ).

من قبل بين عيني أمه كان له سترا من النار

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки онасининг икки кўзи орасидан ўпса (бу амали) у учун дўзахга тўсиқ бўлади”.

Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини Аллоҳ таолонинг Ўзи эшитган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инобатга олган, забардаст халифа қабул қилган. Бунга қуйидаги ҳаётий воқеалар ёрқин мисолдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолиб, ваъз, насиҳат қилибди. Ҳазрати Умар бўлса жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофдагилар у кишига:

«Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» дейишганда, ҳазрати Умар уларга жавобан:

«Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ азза ва жалла эшитган. Оламларнинг Робби унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!» деган эканлар. (Бухорий ривояти)

Ҳа, сўзини Аллоҳ таоло эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шариат этиб қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломгина етиштира олади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 6 йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида Ҳудайбия номли жойда мушриклар йўлни тўсдилар. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб:

«Туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар!» дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши ўрнидан жилмади. Шунда У зот (с.а.в.) ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Бўлган воқеани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундай ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар. Бу гапни эшитган Умму Салама розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, айтган амрингиз бажарилишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай, қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар. (Бухорий ривояти)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, худди Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.

Шундай қилиб, бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди.

Ёки яна бир ёрқин мисол:

Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида кўпчилик ичида хутба қилганларида бир аёл ўрнидан туриб:

«Эй Умар! Аллоҳ таоло: «У(аёл)ларнинг бирига беҳисоб маҳр берган бўлсангиз ҳам», дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» деди.

Хутбаси бу шаклда  кесилган халифа:

«Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олди. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача бирорта одам аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ.

Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.

 

 

"Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди 

имом-хатиби Азихўжа Иноятов