БОБУР МИРЗО – БУЮК ФАҚИҲ

БОБУР МИРЗО – БУЮК ФАҚИҲ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Алҳамдулиллаҳи роббил аламин, вассалоту вассалому ала росулиллаҳ.

Заҳируддин Муҳаммад Бобур дунёни ҳайратга солган йирик давлат ва маданият арбоби, моҳир саркарда, улуғ шоир, қомусий аллома ҳамда маърифатли фақиҳдир. Бобур ўзбек халқининг ҳар жиҳатдан етук, ғоят истеъдодли фарзанди. У ўзбек ва форс тилларида ижод этган зуллисонайн шоирдир. Умри давомида ажойиб шеърлар ёзди, девон тартиб қилди, таржима билан ҳам шуғулланди. Хўжа Аҳрорнинг “Волидия” асарини шеърий усулда ўзбек тилига таржима қилди. Муаллифнинг “Бобурнома” асари нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётининг нодир намунаси саналади.

Биз Бобурнинг муқаддас ислом динининг асослари баён этилган “Мубайян” номли асари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

“Мубайян” асари Темурийлар даври ижтимоий, оилавий, диний маданиятининг кўркам ифодасидир. Шоҳ Бобур ушбу китоби орқали буюк фақиҳ зот эканини намоён этади. Асарни валиаҳд ўғиллари Носируддин Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида ёзиб, уларнинг сиймоси орқали бутун халқ оммасига динимиздаги беш фарз фиқҳий масалаларини таълим беради. Дарҳақиқат асарда ислом динининг беш рукни: иймон-эътиқод, намоз, рўза, закот ва ҳаж масалалари гўзал шеърий тилда баён этилган. Фақиҳ ўз асарини ёзишда муборак “Мухтасари Виқоя” ҳамда ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар китобларидан бири бўлмиш  “Ҳидоя” дан манба сифатида фойдаланади. Шунингдек, Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” асаридан ҳам моҳирона истифода этади.

Бобур Мирзо “Мубайян” асарини Ҳиндистонга юришлари даврида ҳижрий 928 (милодий 1521) йилда шеърий йўсинда таълиф этади. Бу санани Бобур китоб сўнгида қуйидагича баён қилади:

Маккийдан Росул кетганидин

Ҳижрат айлаб, Мадина етганидин –

Йил тўқуз юз йигирма секиз эди,

Фиқҳда Бобур ушбу назм деди.

Асарда соғлом исломий ақида  - Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди ва ислом дини рукнлари фиқҳий масалалари очиқ-ойдин баён этилган. Юқорида айтганимиздек, Бобур асарни фарзандларига дастуруламал сифатида мўлжаллаган. Чунончи, “Китоб назмининг сабаби” бўлимида фарзандларига хитоб қилиб айтади:

Билгасен, эй ҳужастаи фарзанд,

Жигарим бирла жонима пайванд;

Масъалаларки, ул зарур эрди,

Билмасанг, динингга қусур эди.

 

Яъни: “Эй муборак, яхши, бахтли фарзандим, жон, жигаримга пайвандим! Шундай зарур масалалар бор эдики, агар уларни билмасанг, дину-иймонингга қусур-нуқсон етар эди”.

Шоир яна давом эттириб, шундай ёзади:

Етди кўнглумғаким, йиғиштурсам,

Назм тартибида сиғиштурсам,

То ани забт қилгасен осон,

Ул масоилни билгасен яксон.

Тонглалиқ кундаким, ҳисоб ўлғай,

Менга ажру сенга савоб ўлғай.

Яъни: “Шу сабабдан кўнглимга келдики, бу масалаларнинг ҳаммасини жамласам ва назм тартиби билан баён этсам, токи бу фиқҳий масалаларни осон эгаллаб, уни бирдай билиб олгайсан. Бундан эрта қиёмат куни ҳисоб-китоб бўлган вақтда сенга савобу менга ажр-мукофот самара бўлгай”.

Демак, Бобур бу асарни ўз фарзандларига ва уларнинг сиймоси орқали бутун туркий китобхонларга ислом илмларини эгаллашлари учун ёдгор қилиб қолдирган.

У яна шундай насиҳатомуз сатрлар битадики:

Бебақо дунё иши саҳлдурур,

Дин ишин қилғай улки, аҳлдурур.

“Ўткинчи дунё иши енгилдир, осондир, аммо дин ишини эса фақат ақли – лаёқати, ҳаққи-ҳуқуқи бўлган кишилар қилади”.

Бутун умри меҳнат, машаққат, дард ва жангу жадаллар билан ўтган шоҳ Бобур дунёнинг ишини енгил ва осон деб санаши ва охират ишига катта аҳамият қаратиши у зотнинг нақадар улуғ қалб, сабот ва матонат соҳиби эканлигини англатади.

Бобур асар сўнгида бу китобни ёзишда ранжу алам чеккан бўлсада, аммо буюк бир хазинани қўлган киритганини эътироф этадики, ҳар қандай хазина сарф этиш билан камайиб боради, аммо бу маънавий ганжина – бу илм хазинаси харж этган сари тобора ортиб боришини таъкидлайди. Яна ўз тилак-истакларини баён этиб,  ўқигувчилардан асардаги хато-камчиликларни кечиришларини, ноаниқ ўринлар ўтган бўлса, шафқат қилишларини, унинг бу ишида хайрихоҳ бўлиб,  қўллаб-қувватлашларини ва бу билан савоб топишларини сўраб, тавозуъ кўрсатади.  Бу назмий ифодадан улуғ шоҳ ва саркарда, қомусий аллома Бобур Мирзонинг нақадар камтарин, гўзал хулқли ориф ва ҳалим зот эканлиги ҳам англашилади.

Аллоҳ таоло Бобур Мирзо ҳазратларини ўз раҳматига эриштирган бўлсин. Жаннатда олимлар мақомини насибу муяссар айласин. У кишининг бой ва бебаҳо меросларидан умматни баҳраманд қилсин. Омин.

 

 "Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди 

имом-хатиби Азизхўжа Иноятов.