Тараққиёт омили

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Тараққиёт омили

 

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда ҳам зарур. Киши хотиржам бўлсагина, ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошириш йўлида саъй ҳаракат қила олади. 

Мустақил юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Ҳукуматимизнинг дин сохасида олиб бараётган сиёсатига оддийгина бир мисол, мустақилликдан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” – деганлар.

 Муборак Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Юртбошимиз бундай деганлар: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар хаётимизга  шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзимизни йўқотамиз”.

Истиқлол туфайли она диёримиз мусулмонлари ҳаётида ҳам катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодли қилишга катта эътибор қаратилди.

Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда зикр этган:

 “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” – (Товба сураси, 18-оят) ояти каримаси мазмунига мувофиқ мустақиллик йилларида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид обод бўлди ва намунали фаолият кўрсатмоқда.

Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, юртимиздаги масжидларнинг имом-хатиблари ўз малакаларини  оширмоқда.

Истиқлол шарофати билан диёримизда иккимингдан ошиқ масжиблар очилиб таъмирланди. Хусусан, Ҳазрати Имом мажмуасининг асл тарихий қиёфасини тиклаш учун бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борилди. Мана Тошкент марказида янги муҳташам Минор жоме масжиди қурилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Вилоят ва шаҳарларда ҳам янги масжидлар барпо этилмоқда.

Буларнинг ҳаммаси мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлардир. Мўмин-мусулмонларимиз Аллоҳ таоло ато этган мустақиллик неъматига, ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишлари лозим.

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир. 

Абу Ҳурайра (р.а)дан .ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз: “Ким инсонларга (улардан кўрган яхшиликлари эвазига) шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди” - деганлар .

Демак биз мусулмонлар динимиз ривожи учун ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни  Аллоҳнинг марҳамати  деб қабул қилишимиз  ва албатта  унинг шукронасини адо этишимиз  даркор.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насиб айласин!

 

 

Бухоро туманидаги Чор Бакр жомеъ масжиди имом-хатиби

 

Азизхўжа Иноятов.