Воизи Балх (14, 523, 298)

 

Воизи Балх (14, 523, 298)

 

Улуғ имом, зоҳид, аллома, шайхул ислом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Фазл ибн Аббос Балхий Воиз.

Самарқанд ва унинг атрофида яшаганлар.

Аҳмад ибн Хазравайҳ Балхийни устоз тутганлар. Қутайба ибн Саъиддан ривоят қилган охирги ровий.

Суламий: “Бизга воиз Али ибн Қосим Хаттобий Марвда ҳадис айтдилар. У кишига Муҳаммад ибн Фазл Балхий Суфий Самарқандда ҳадис айтган эканлар. У кишига эса Қутайба ибн Саъид ҳадис айтган эканлар...”, – деб ҳадисни келтирганлар.

Суламий айтганлар: «Мен Муҳаммад ибн Али Ҳирийдан эшитдим. У киши  Абу Усмон Ҳирийнинг: “Агар қувватим етганида, биродарим Муҳаммад ибн Фазлнинг ҳузурларига бориб, у кишини кўриб қалбим таскин топарди”, – деганларини эшитганлар».

Воиз Балхийдан Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Розий ҳадис ривоят қилганлар. Абу Бакр ибн Муқрий ҳам “Муъжам”ларида ижозат хати билан ҳадис ривоят қилганлар.

Воиз Балхийнинг шайхлари: Абу Бишр Муҳаммад ибн Маҳдий (воиз Ибн Саммокнинг шогирдларидан), Исмоил ибн Нужайд, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Амрувайҳ, Муҳаммад ибн Маккий Найсобурий ва Абу Зарр Ҳаравийнинг шайхлари Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Сайдалоний Балхий. Абу Абдуллоҳ Балхий воиз Ибн Саммокдан ҳам ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳофиз Абу Нуъайм айтганлар: «Воиз Балхий Қутайба ибн Саъиддан кўп ҳадис эшитганлар. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Розийдан Насада эшитдим. У киши Қутайба ибн Саъиднинг: “Исломнинг кетиши тўрт нарсадан: билганларига амал қилмайдилар; билмаганларига амал қиладилар; билмаганларини билишга ҳаракат қилмайдилар; одамларни илмдан қайтарадилар”, – деганларини эшитган эканлар».

Бу ҳозирги кундаги араб ва турк раҳбарларининг одатларига айланди. Халқ оммаси эса жоҳил бўлиб қолди. Агар билганларининг камгинасига бўлса-да, амал қилганларида эди, ютардилар. Агар бидъат ва хурофотларга амал қилишдан тийилганларида эди, тўғриликка эришардилар. Агар ҳақ дин йўлида изланганларида, ҳийла ва макр аҳлидан эмас, зикр аҳлидан сўраб, саодатманд бўлардилар. Аммо улар илм талабида мавҳум йўналиш ва бепарволикдадирлар. Юқорида зикр қилинган тўрт хислатнинг ҳар бири – ёмон. Агар бу хислатлар жам бўлса, ҳол не кечади?! Яна бунинг устига  мутакаббирлик, фожирлик, гуноҳга ботиш ва тап тортмай Аллоҳнинг чегараларини бузиш қўшилса, ҳолат бундан-да ачинарли бўлади. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз.

Суламий “Миҳани суфийя” китобларида: «Муҳаммад ибн Фазл Балхда Қуръонни тушуниш ва имомларнинг аҳволлари тўғрисида гапирганларида ҳадис аҳлига майллари баландлигидан Балх фақиҳлари у кишига эътироз билдириб, бидъатчиликда айбладилар. Воиз Балхий: “Мени Балхдан ҳайдаб юбормасангизлар, кетмайман”, – дедилар.  У кишини эшакка миндириб бозор айлантирдилар ва Балхдан чиқардилар. У киши: “Аллоҳ таоло қалбларингиздан муҳаббатини ва маърифатини олиб қўйсин”, – дедилар. Айтилишича, ўшандан кейин, Балх аҳлидан тасаввуф пешвоси чиқмаган. Шундан сўнг аллома Самарқандга келганлар. Самарқанд аҳли у кишини ниҳоятда ҳурматлаган. Бир куни ваъз қилганларида, ундан таъсирланиб тўрт киши вафот этгани айтилади».

Суламий ва Абдураҳмон ибн Манда айтганлар: “Воиз Балхий 317 йилда оламдан ўтганлар”.

319 йил дейилган ривоят хатодир.