Бастомий (20; 452, 289)

Бастомий (20; 452, 289)

 

Шайх, имом, аллома, муҳаддис Абу Шужоъ Умар ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Насар Бастомий Балхий. “Роғум” масжидининг имоми.

Ўзлари: “475 йилда таваллуд топганман”, – деганлар.

Оталаридан ҳамда Абул Қосим Аҳмад ибн Муҳаммад Халилий, Иброҳим ибн Муҳаммад Асбаҳоний ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳусайн Симинжонийдан ҳадис эшитганлар. Симинжонийнинг ҳузурларида фақиҳ бўлиб етишганлар.

Илмга чанқоқ, қомусий олим бўлганлар.

Самъоний айтганлар: “У киши ўта гўзал ахлоқли, малоҳатли, фатво берувчи, фиқҳий масалаларни ҳал қилувчи, муҳаддис, муфассир, воиз, адиб, шоир, ҳисобдон эдилар. Шу билан бирга фазилатли, кўркам, хулқлари ёқимли, омонатдор ҳамсуҳбат, ички ва ташқи дунёлари покиза, суҳбатлари латиф, иборалари фасоҳатли, ишоралари нозик, ваъзларида латиф иборалар ва кўп фойдалар бор эди. Ёшлари катта бўлса-да ҳадис ва илм талабида бардавом эдилар. Ҳар бир кишининг ижобий хислатларидан ибрат олардилар. Мен у кишидан Марв, Ҳирот, Бухоро ва Самарқандда ҳадис ёзиб олганман. У киши ҳам мендан кўп нарса ёзиб олганлар. Хатиб Бағдодийнинг “Тарих” китобларига ёзган ҳошия ва қўшимчаларим у кишининг қўлларига тушибди. У киши шуни ўқиб, Балхдан менга жавоб йўлладилар:

Эй Самъон оиласи – аҳли байти,

Бугунги адиб асар ёзар пайти.

Улуғлигингизни қилар сарлавҳа,

Фазилатингиз дилларда ҳар лаҳза.

Анъанангиз пойдевори мустаҳкам,

Ҳеч не таъсир этмас замон ўтса ҳам.

Тамал тошин қўйди Бу Саъд Самъоний,

Юксалди маънавий мактаб ҳам олий.

Замонасида Бани Аъмол ҳоким,

Деганди бу оилани паноҳим.

Бир муддат ўтдитугади салтанат...

Агар бўлмаса эдилар Абу Саъд,

Бунча обрў топмасди Бани Аъмол.

Уни ҳимоя қилсин Ҳақ таоло.

Модомики ўша оиладир бор,

Камол кўзи-ла боқсин Парвардигор.

Бу оила шундай бўлсин: бирон он,

Ҳеч ким кўрмасин унда кемтик-нуқсон.

 Бу киши Ҳайсам Шошийнинг “Муснад”ларини, Ибн Қутайбанинг “Ғарибул ҳадис”ларини ва “Аш-Шамоил” китобларини Халилийдан эшитганлар. Бемор ва уни зиёрат қилувчининг одобига оид ажойиб китоб ёзганлар.  

Самъоний бошқа бир ўринда айтганлар: “Мукаммал тақводорлик билан бирга, бунчалар кўп фазилат жамлаган бу кишидан бошқа одамни билмайман”.

Яна у киши Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад Шужоъий, Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад Моҳоний, қози Абдураҳмон ибн Абдураҳимдан ҳадис эшитганлар.

Бастомийдан Самъоний, у кишининг ўғиллари Абул Музаффар, шунингдек, Абул Фараж ибн Жавзий, Ифтихор Абдулмуттолиб Ҳошимий, Тож Киндий, Абу Аҳмад ибн Сукайна, Абул Фатҳ Мандоий, Абу Равҳ Абдулмуъиз Ҳаравий ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.

562 йили Балхда вафот этганлар. Ўша юртларнинг муҳаддиси ва мусниди бўлганлар.

Фақиҳ Али ибн Маҳмувайҳ Яздий айтганлар: “Шайхларимиз орасида Абу Шужоъдек ақли расо, илмли, латиф ва серҳаракат шайхни кўрмадим”.

Ибн Нажжор айтганлар: “Бастомий рабиул охир ойида вафот этганлар”.

 

“Машҳур даҳолар сийрати”

Азизхўжа ИНОЯТОВ

Бухоро шаҳри, 2016 йил