Барқоний (17; 464, 306)

Барқоний (17; 464, 306)

 

Имом, аллома, фақиҳ, ҳофиз, ривоятлари аниқ, фуқаҳо ва муҳаддисларнинг шайхи Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ғолиб Хоразмий Барқоний Шофеъий. Кўп асарлар муаллифи.

350 йили Хоразмда Абу Амрнинг укалари Абул Аббос ибн Ҳамдон Ҳирий Найсобурийдан ҳадис эшитганлар. Абу Амр бу ҳадисларни Муҳаммад ибн Зурайс ва бошқа улуғлардан ривоят қилганлар. Шунингдек, бу ерда Муҳаммад ибн Али Ҳассоний Хоразмий ва Аҳмад ибн Иброҳим ибн Жаноб Хоразмийдан ҳадис эшитганлар.

Ҳиротда Абул Фазл ибн Хамирувайҳдан; Журжонда имом Абу Бакр Исмоилий ва Абу Аҳмад ибн Ғитрифдан; Бағдодда Абу Али ибн Саввоф, Муҳаммад ибн Жаъфар Бундор, Абу Баҳр ибн Кавсар, Аҳмад ибн Жаъфар Хуттулий, Абу Бакр Қатиъий, Абу Муҳаммад ибн Мосий, Ибн Кайсон ва бошқалардан; Найсобурда Абу Амр ибн Ҳамдон, Абу Аҳмад Ҳоким ва бошқалардан; Дамашқда Абу Бакр ибн Абул Ҳадиддан; Мисрда ҳофиз Абдулғани ва Абдураҳмон ибн Умар Моликийдан ҳадис эшитганлар.

Бу кишидан Абу Абдуллоҳ Суврий, Абу Бакр Байҳақий, Абу Бакр Хатиб, фақиҳ Абу Исҳоқ Шерозий, ҳофиз Сулаймон ибн Иброҳим, Абул Қосим Али ибн Абул Ало Миссийсий, Абу Тоҳир Аҳмад ибн Ҳасан Каражий, Абул Фазл ибн Хайрун, баққол Яҳё ибн Бундор, Муҳаммад ибн Абдусалом Ансорий, Абдулазиз ибн Аҳмад Каттоний ва бошқа кўплар ҳадис айтганлар.

Барқоний Бағдодда анча вақт яшаганлар.

Хатиб Бағдодий айтганлар: «Барқоний ишончли, тақводор, ривоятлари аниқ, ўткир фаҳм соҳиби эдилар. Шайхларимиз орасида бу кишидан ривоятлари аниқроғини кўрганимиз йўқ. Фиқҳ билимдони, араб тили илмидан насибадор, кўп ҳадис билувчи бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”даги ҳадисларни қамраб олган “Муснад” ёзганлар. Суфёни Саврий, Аюб, Шуъба, Убайдуллоҳ ибн Умар, Абдулмалик ибн Умайр, Баён ибн Бишр, Матар Варроқ ва бошқаларнинг ҳадисларини тўплаганлар.

Бу киши вафотларига қадар китоб ёзишдан тўхтамадилар. Мисъарнинг ҳадисларини жамлаётган вақтларида вафот қилдилар. Илмга чанқоқ бўлиб, бутун ҳимматларини шу йўлда сарфлаган эдилар.

Бир куни Барқонийнинг салоҳият ва тақвода машҳур бўлган фақиҳга: “Аллоҳдан дуо қилиб сўранг – қалбимдаги ҳадисга бўлган ниҳоятда чексиз муҳаббатни олиб қўйсин. Чунки бу муҳаббат менинг устимдан ғолиб бўлиб, бошқа бирор ишга қўлим бормай қолди”, – деб айтаётганларини эшитиб қолдим».

Абул Қосим Азҳарий айтганлар: “Барқоний – улуғ имом. Агар у зот вафот этсалар, мақомларига эришиш мушкул”.

Хатиб Бағдодий айтганлар: «Фақиҳ Муҳаммад ибн Яҳё Кирмонийнинг: “Ҳадис соҳиблари орасида Барқонийдан кўра обидроқ одамни кўрмадим”, – деганларини эшитдим.

Азҳарийдан: “Барқонийдан кўра нуктадонроқ шайх кўрганмисиз?” – деб  сўрадим. “Йўқ”, – деб жавоб бердилар.

Барқонийни Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Муҳаммад Халлол зикр қила туриб: “У кишининг ўзлари бетакрор бир олам эдилар”, – деганлар».

Хатиб: “Мен у кишидан кўра ривоятда собитроғини кўрмадим”, – деганлар.

Абул Валид Божий: “Барқоний – сиқа, ҳофиз”, – деганлар.

Шайх Абу Исҳоқ “Табақотуш шофеъия” китобларида айтганлар: “336 йилда таваллуд топганлар. Бағдодда истиқомат қилганлар ва 425 йилда ражаб ойи бошида шу ерда вафот этганлар. Ёшликларида фиқҳни ўргандилар ва бу илмга оид китоблар ёздилар. Сўнгра ҳадис илми билан машғул бўлиб, бу борада имом даражасига етдилар”.

Барқоний айтганлар: “Исфароинга келдим. Менда уч динор ва бир дирҳам бор эди. Динорларни йўқотиб қўйдим. Фақат бир дирҳамим қолди. Шуни новвойга бердим. Ҳар куни ундан иккита нон олар эдим ва Бишр ибн Аҳмад Исфароийнийдан бир жуз китоб олиб, уни оққа кўчиришни кечгача тугатиб, қайтиб элтиб берардим. Шундай қилиб, кўчирганим ўттиз жуз бўлди. Новвойга бериб қўйган пулим тугагач, у ердан жўнаб кетдим”.

Ўша пайтларда нон жуда арзон экан.

Абу Бакр Хатиб айтганлар: «Ниҳоятда солиҳ киши бўлган Аҳмад ибн Ғоним менга: “Барқонийга уйларидан кўчишларига кўмаклашганимда у кишининг китоблар билан тўла олтмиш уч қоп ва икки сандиқлари борлигини кўрдим”, – деб айтиб бердилар».

Барқонийнинг илмга бўлган ҳимматлари шундаки, у киши устоз бўлсалар ҳам, шогирдлари Абу Бакр Хатибдан ҳаётлик чоғларида ҳадис ривоят қилганлар. Биз Абу Бакр Хатибдан бир мужалладни олий санад билан эшитганмиз.

Хатиб айтганлар: «Мен Барқоний билан ҳадис музокара қилар эдим, мендан ҳамма ҳадисларни ёзиб, йиғиб олардилар. У кишининг: “Имом Абу Бакр Исмоилий ҳар сафар ҳузурларида ҳозир бўлганларнинг ҳар бирига бир варақдан, менга эса икки варақ ҳадис ўқиб берардилар ва уларга: “Фақиҳ бўлганликлари учун бу кишини сизлардан ортиқ кўраман”, – дер эдилар”, – деганларини эшитдим».

Барқоний Исмоилийдан “Саҳиҳ”ларини ривоят қилганлар.

Бизга Исмоил ибн Абдураҳмон, у кишига Абу Муҳаммад ибн Қудома, у кишига Абул Фатҳ ибн Баттий, у кишига Абул Фазл ибн Хайрун, у кишига Абу Бакр Барқоний хабар берганлар. У киши Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Яъқубга ўқиб берганлар. У кишига Муҳаммад ибн Абдураҳмон Сомий, у кишига Халаф ибн Ҳишом, у кишига Ибн Абу Зинод оталаридан, у киши Хорижа ибн Зайддан, у киши оталаридан ривоят қилганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яҳудий ёзувини ўрганишни буюрдилар. Ярим ой ўтар-ўтмас уни ўргандим. Шунда у зот айтдилар: “Аллоҳга қасамки, яҳудийларнинг менга ёзган мактубига ишонмайман”. Шундан кейин яҳудийларга бирор нарса ёзиб узатиш керак бўлса, мен ёзардим ёки улардан бирор мактуб келса, у зотга уни ўқиб берардим».

Бу ривоятни имом Бухорий муаллақ ҳолатда зикр қилиб: “Хорижа ибн Зайд оталаридан ривоят қилдилар”, – деганлар. Чунки Ибн Абу Зиноднинг ривоятлари Бухорийнинг ҳадис ривоят қилиш шартларига жавоб бермайди. Шу билан бирга Бухорий Абдураҳмоннинг содиқлиги ва оталарининг илмларини билганликлари учун уни қатъий ишонч сийғоси билан зикр қилганлар.

 

 

“ Машҳур Даҳолар сийрати”

Азизхўжа ИНОЯТОВ 

Бухоро шаҳри, 2016 йил