Ҳазрат Абу Бакр Саъд

.

Ҳазрат Абу Бакр Саъд

Бухоро шаҳридан 6 километр ғарбда Чор Бакр зиёратгоҳи жойлашган. Бу ердаги қишлоқнинг қадимий номи Сумитондир. Тўртта буюк авлиё Абу Бакр Саъд (ваф. 970), Абу Бакр Ҳомид (ваф. 937), Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (ваф.991), Абу Бакр Тархон (ваф.945) шарофатидан бу мавзе Чор Бакр, яъни тўртта Бакр исмли зот номи билан атала бошлаган.

Ҳазрат Абу Бакр Саъд – улуғ шайх, олим, обид эдилар. Бу зоти шариф сомонийлар ҳукмронлигида яшаб, Бухоронинг шайхул исломи бўлганлар. Абу Бакр Саъд Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидир.

Нақл қилинишича, Абу Бакр Саъд мадрасада ўқиб юрганларида оталари доимо уйдан у зотга озиқ-овқат, нон келтириб берар ва шубҳали нарсани тановул қилма, деб тайинлардилар. Бир кун келиб кўрсалар дастурхонда бозори нон турибди. Ҳазрат: “Бу нонни нега дастурхонингизга қўйдингиз?”- деганларида, ҳазрат Абу Бакр Саъд: “Отажон, бу нон сабоқдош дўстимникидир!” – дейдилар. оталари: “Сен шубҳали нарса тановул қиладиганлар билан дўст  бўлибсан!”- деб, у кишини мадрасадан олиб, туябоқарликка қўядилар. Ҳазрат саҳрода илмдан бенасиб қолдим, деб ғам чекканларини кўриб, Хизр алайҳиссалом у кишига қирқ йил саҳрода сабоқ берадилар. Ҳалол луқма, бетамаъ хизмат, тақво, ота-онанинг дуоси туфайли Абу Бакр Саъд валиюллоҳ бўладилар. 

Ҳазрат Абу Бакр Саъд  970 йил вафот қиладилар. Қабрлари Чор Бакрдадир. Абу Бакр Саъднинг шажаралари “Абдулланома”да берилган: 1. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу (625-681) 2. Имом Зайнулобидин (ваф.713) 3. Имом Муҳаммад Боқир (ваф. 732) 4. Имом Жаъфари Содиқ (700-765) 5/ хожа Заҳириддин. 6. Имом Абу Бакр Саъд (Ҳофиз Таниш ал Бухорий, “Абдулланома”, Т., шарқ – 1999 йил, 76-бет).

Ҳазрат Абу Бакр Саъднинг авлодлари Хожа Ислом Жўйборий бўлиб, бу зоти шариф  ХVI асрнинг пири муршиди, қутби замон, нақшбандия тариқати шайхи эдилар.